Ислом шоир (1874-1953)

Ислом шоир Назар ўғли (1874 нарпай тумани — 1953.17.7) — ўзбек бахшиси. Ўзбекистон халқ шоири (1940). Нарпай достончилик мактаби вакили. Эрназар шоирнинг шогирди.


Бобоси Ражаб шоирдан дўмбира чертишни, терма ва достон куйлашни ўрганган. 22 ёшида достончи сифатида танилган, 30 га яқин халқ достонларини, кўпгина халқ қўшиқ ва эртакларини ёд билган.


Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларини кезиб, «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Гўрўғли», «Орзигул», «Равшанхон», «Гулихиромон», «Якка Аҳмад» достонларини, Махтумкули, Бердақ, Машраб ва бошқаларнинг шеърларини куйлаган. Ислом шоир репертуаридаги айрим достонларда ўзбек халқ эпосининг ижтимоий адолатсизлик ва унга қарши кураш ғояси («Орзигул», «Зулфизар билан Авазхон» ва б.), халқчиллик мавзуи («Кунтуғмиш ва «Соҳибқирон») ўз ифодасини топган.


«Бўл омон», «Меҳрибонлар, ҳормангиз» ва бошқа термаларида меҳнат кишисининг турмуши тараннум қилинган. 2-жаҳон уруши йилларида чоп этилган «Жангнома» (1941), «Қаҳрамоннома» (1942) тўпламларида ўзбек жангчиларининг мардлик ва жасоратлиги улуғланган.


Ислом шоирнинг урушдан кейинги йиллар ижодида ижодий меҳнат («Ободлик учун», «Тинчлик бўлур барқарор»), тинчлик учун кураш («Тинчлик жарчиси», Нозим Ҳикматга бағишланган) мавзулари муҳим ўрин эгаллайди. Ислом шоир асарлари бадиий мукаммаллиги, замонавийлиги, тилининг халқ иборалари, мақоллар, ҳикматли сўзларга бойлиги билан ажралиб туради. Ундан «Орзигул», «Гулихиромон», «Соҳибқирон», «Эрали ва Шерали», «Кунтуғмиш», «Тоҳир ва Зуҳра» каби достонлар ва бир қанча термалар ёзиб олиб, нашр этилган. Айримлари қардош халқлар тилларига таржима қилинган.


Нарпай туманида куча ва мактабга Ислом шоир номи берилган. 1975 йилда шоир таваллудининг 100 йиллиги нишонланди.