Абдулқодир Муҳитдинов (1892-1934)

Абдулқодир Муҳитдинов (1892, Бухоро — 1934.1.6, Тошкент) — Бухородаги жадидчилик ҳаракати намояндаси, сиёсат арбоби. Бошланғич таълимни Бухорода олгач, Истанбул мадрасасида ўқиди.


Отаси йирик савдогар Мирза Муҳитдин Мансуров илк жадид газетаси «Бухоройи шариф»ни моддий жиҳатдан таъминлаб турган, янги усул мактабларига ҳомийлик қилган. Абдулқодир Муҳитдиновнинг илк мақолалари Оренбургдаги «Вақт» газетасида эълон қилинган (1910).


Бухорода 1917 йил апрель намойишиаян кейин ёш бухороликлар партияси МКга аъзо бўлди. Колесов воқеасидан кейин Самарқанд, Тошкент, Москвада муҳожирликда яшаган. Туркистон мусулмонлари бюроси аъзоси (1919—20). «Қутулиш» газетаси муҳаррири (1920). Бухоро инқилобий кўмитаси раиси, БХСР деққончилик нозири (1920—21).


БХСР нинг дастлабки Конституциясини ишлаб чиқишда қатнашган, Бухорода ер-сув ислоҳоти ўтказилиши ташкилотчиларидан бири. Абдулқодир Муҳитдинов БХСР нинг хорижий мамлакатлар билан Россия воситачилигисиз мустақил алоқа ўрнатиш, босқинчи қизил армияни олиб чиқиб кетиш, халқ милицияси сингари миллий армия тузишни қатъий талаб қилган.


1921— 24 йилларда БХСР савдо ва саноат вазири, Бухоро Халқ хўжалиги Олий кенгаши раиси, Бухоро Иқтисодий кенгаши раиси, БХСР нозирлар шўроси раисининг 2-муовини лавозимларида ишлаган. Ўрта Осиёда миллий ҳудудий чегараланиш ўтказилиб, Ўзбекистон ССР таркибида Тожикистон АССР ташкил қилингач, Абдулқодир Муҳитдинов Тожикистон АССР Халқ Комиссарлари Совета раиси қилиб тайинланди (1925—29). Тожикистон ССР тузилгач, у Ўзбекистон ССР таъминот Халқ Комиссарлигида ишлади.


1933 йил 21 августда совет режими томонидан Абдулқодир Муҳитдинов қамоққа олиниб, унга «буржуа миллатчиси» тамғаси ёпиштирилди ва 1934 йил 1 июнда отиб ташланди.