Амин Умарий (1913-1942)


Амин Умарий (1913-1942)
Шўро даври ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакили Амин Умарий 1913 йили Қўқонда хизматчи оиласида дунёга келган. Отаси Умар ака эски мактабларда муаллимлик қилган. Онаси Нисобиби дидли, зукко аёл ҳисобланган. Шу сабаб Амин Умарий оилада яхши тарбия кўрган, хатли-саводли бўлиб вояга етган. Унинг болалиги ўлкада инқилобий кўтарилишлар авжга минаётган даврга тўғри келган.

У ўрта мактабни тугатиб, 1930 йилда Самарқанд Давлат педакадемиясига ўқишга кириб, уни 1935 йилда аъло баҳолар билан якунлайди. Бу ерда у Ҳ. Олимжон, Уйғун, Ойдин каби истеъдодли адиблар билан ҳамнафас бўлади. 1937 йилда Самарқанддан Тошкентга кўчиб келади ва шу йили Ўзбекистон Ёзувчилари аъзолигига қабул қилинади. Шоирнинг мактаб йилларида бошланган ижоди худди шу даврга келиб гуллай бошлайди. Унинг «Салом, мактаб!» илк шеъри 1930 йилда, «Янгроқ садолар» номли биринчи тўплами эса 1932 йилда нашр этилади. Тўпламдаги кўпгина шеърларда ўша давр учун долзарб бўлган мавзулар етакчилик қилади. Жумладан, «Қайнаётган цехимиз» шеърида саноат мавзуи, «Большевик ҳомийси»да пахтакор деҳқон меҳнати ва «Зарбачи эрлар» шеърида маърифат мавзуи ўз аксини топади.


1938 йилга келиб, Амин Умарийнинг «Давр тантанаси» номли иккинчи шеърий тўплами юзага келади. Мазкур тўпламдаги шеърлар анча пухта, мавзуи жиҳатидан жуда бой эди. Унинг «Ёшлик» (1935) номли тўплами шоир ижодидаги кўтарилишдан дарак беради. «Фарзанд» (1937), «Садоқат» (1938), «Қўшиқлар», «Ижод боғида» каби тўпламлари кетма-кет яратилди. Шоир бу йилларда Тошкент Давлат педагогика институтида муаллимлик қилди. «Гулистон» журналида, Ўзбекистон Давлат нашриётида фаоллик кўрсатди, таржимон ва мунаққид сифатида қалам тебратди.


Амин Умарий «Шеърлар», «Болалик қўшиқлари», «Овозим», «Қуёш жарчиси» (1939—1941 йиллар) каби тўпламлар яратди, болалар шоири сифатида «Болалик қўшиқлари» (1938) китобини чоп эттирди.


Амин Умарий уруш йилларида яна ҳам жонбозлик кўрсатди. Унинг «Қасамёд» (1942) номли шеърий тўплами ўша даврнинг жанговар руҳи билан тўла.


У драматург сифатида К. Яшин билан бирга «Ҳамза» (1941), Туйғун билан бирга «Қасос» драмаларини ёзди.


Носир сифатида «Асад» (1932), «Қозон йўлида» (1938), «Тошотар» (1939) каби ҳикоя ва очерклар тўпламларини яратди.


Шоир ва драматург, носир ва таржимон Амин Умарий авжи ижоди қайнаган даврда — 1942 йил 14 ноябрда Бекобод металлургия заводи қурилишидан қайтгач, бетобликдан вафот этади.