Яшиннинг ижодий фаолияти 1925 йилдан бошланади. Бу йилларда унинг шеър ва очерклари вақтли матбуотда кўрина бошлайди. Шоирнинг «Қуёш» (1930), «Кураш» (1931), «Комсомол» (1933) шеърий тўпламларига кирган асарларида меҳнаткаш халқ ҳаётида содир бўлаётган янгиликлар, ёшлар тақдири ва келажаги ҳақидаги ғоялар ўз ифодасини топади.
Унинг биринчи драматик асари «Икки коммунист» 1929 йилда саҳнага қўйилди. У қишлоқларни жамоалаштириш даврида «Ўртоқлар» (1930) ва «Ёндирамиз» (1931) пьесаларини ёзди. Яшиннинг «Номус ва муҳаббат» (1935), «Ҳамза» (А. Умарий билан ҳамкорликда, 1940) саҳна асарлари Иккинчи жаҳон урушигача бўлган ўзбек драматургиясининг энг яхши намуналаридандир.
Яшиннинг ўзбек хотин-қизларининг озодлиги учун кураш мавзуига бағишланган «Гулсара» (1934), «Нурхон» (1940) пьесалари ўз даври учун характерли саҳна асарларидир.
Комил Яшиннинг уруш даврида яратилган асарларида дўстларга нисбатан меҳрибонлик, самимий муҳаббат, душманларга эса қаҳру ғазаб туйғулари балқиб туради. Унинг «Ўлим босқинчиларга» (1942), «Офтобхон» (1944), «Даврон ота» (1942, Уйғун, Собир Абдулла, Чустий билан бирга ёзилган) драмаларига шу руҳ сингдирилган. «Генерал Раҳимов» драмасида (1949) биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонлиги акс эттирилган.
Адибнинг 1974 йилда ёзган «Инқилоб тонги» драмасида халқимизнинг етук фарзанди, атоқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев сиймоси гавдалантирилган. Адабиёт ва санъат соҳасидаги хизматлари учун Яшин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1939) ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1969), 1974 йилда эса Меҳнат Қаҳрамони унвонлари билан тақдирланган.
Яшин Ҳамзадан кейин ўзбек драматургиясида янги саҳифалар очган, унинг мавзу доирасини кенгайтирган, пухта асарлар яратган адибдир. Унинг ўзбек театри ва драматургияси тараққиётига қўшган ҳиссаси улкандир.
Яшин умрининг кейинги йилларида «Ҳамза» романини яратди. Унинг сўнгги асарларидан бири «Ёднома» китобидир.
Яшин 1997 йил 25 сентябр куни Тошкент шаҳрида вафот этган.