Чархий 1938—1939 йиллардан бошлаб Қўқонда чоп этилган «Янги Фарғона» газетасида, «Муштум» журналида фаол қатнашди. Шоир «Ширин ва аччиқ» (1959), «Шеърлар» (1966), «Алихўжа ва Хўжали» (1970), «Девон» (1972) номли китобларини ўқувчиларга тақдим этди.
Чархий ижодида лирик шеърлар билан бир қаторда, ҳажвий шеърлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Айниқса, у яратган қўшиқлар ўзининг оҳанграбоси ва нафислиги, ҳаё ва андишага лиммо-лимлиги билан тингловчи қалбини ўзига ром этади.
Чархий мумтоз адабиётимизнинг асосий вазни — аруз системасида ва шеъриятимизнинг турли жанрларида муваффақиятли ижод этган ва уни ривожлантирган истеъдодли шоирдир. У кўп йиллар давомида Қўқондаги Муқимий уй-музейида илмий ходим бўлиб ишлаб, Муқимий адабий меросини тўплаш ва авайлаб асраш ишига муносиб ҳисса қўшган.
1975 йилда Чархийга Ўзбекистон халқ шоири деган фахрий унвон берилган.
Чархий истеъдодли ғазалнавис, ажойиб қўшиқчи-шоир, жонкуяр маърифатчи сифатида ихлосмандлари хотирасида ўчмас из қолдирган.
У 1979 йил 18 декабрда Қўқонда вафот этган.