Хуршид ДАВРОН
ВАТАН ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР


ВАТАН
Дилингизда бўлсин қувончи ғами,
Китобларда эмас, қоғозда эмас.
Бўзда яшайсизми, Бухородами,
Сиз билан баробар у олсин нафас.
Болангизни белаб қўйинг туш пайти,
Толлар беланчакни учирсин кўкка.
Аммо сиз бошида аллалар айтинг,
Ватан туйғусини солинг юракка.
Айтинг, далаларда эгилган лаҳза,
Айтинг, қуёш қонга ботиб ётганда.
Айтинг, қувончу ғам солганда ларза,
Айтинг, оқ кўйлакли тонглар отганда.
Жанозада йиғлаб аллалар айтинг,
Айтинг, шуурлару курашлар аро.
Токи қалбимизда жўш урган туйғу
Фарзандлар қалбида берсин акс-садо.
Она Тўмариснинг шонли қисмати,
Жалолиддин тиғи таратган жаранг,
Бизнинг юраккача, балки, етмасди,
Бўлмаганда, халқим, алланг — хотиранг.
Беруний юлдузи, Сино каҳкашони
Фалакдан йўлимиз ёритиб боқсин.
Маҳмуд Торобийнинг муқаддас қони
Фарзандлар қалбида жўш уриб оқсин.
Ҳазрат Соҳибқирон тузукларидан
Кўчиб,ификрларни ёритсин сурур,
Дилларни чароғон этсин Навоий
Қалами таратган ҳикматли шуур.
Мирзо Улуғбекнинг расадин тоқи,
Юрган йўлимизга нурлар тўшасин,
Ватан деб жон берган ҳар ботир хоки
Дилда нафас олсин, дилда яшасин.
Ватан – юракдаги қувонч, қайғу, шашт,
Уни тирик сақлар юракдаги сас.
Ватан – бамисоли қуёшга ўхшаш,
Ватан ҳам одамдек олади нафас.
МУҚАДДАС СЎЗИМ: ВАТАНДИР
Кўнгил кимни севса, у кўзда турар,
Неча боқмасин кўз, яна орзулар.
Дил орзу-тилаги нима бўлса гар
Оғизга сўзга очгач у тилга чиқар.
Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билик. XI аср.
Бу кўнгил Ватан дер, кўзимда Ватан,
Неча боқмасин кўз, яна Ватан дер.
Қалбимнинг энг чуқур ерида ётган
Муқаддас, муқаддам сўзим Ватандир.
Тунлари кўзимда йиғлади Ватан,
Йиғлади Варахша, йиғлади Гурганж
Кўзим томчилари қуёшдан улкан,
Кўзим томчилари гоҳ қондир, гоҳ ганж.
Бу кўнгил эрк деди, кўзимдадир эрк,
Кўзимда осмону эркин учган қуш.
Кўксимда орзулар бефано, тирик,
Занжирлар, сиртмоқлар узилди нақ туш.
Тунлари кўзимда йиғлади қуёш,
Йиғлади юлдузлар, йиғлади ҳилол.
Кўзим томчилари гоҳ муздир, гоҳ тош,
Кўзим томчилари – мен севган аёл.
Бу кўнгил улус дер, сени дер, халқим,
Севгилим, овунчим, кўрар кўзим сен.
Қорачиғим аро нур бўлиб балқдинг,
Юрагим тубидан оққан сўзим сен.
Тунлари кўзимда, халқим, йиғладинг,
Йиғлади Навоий, йиғлади Бобир.
Кўзим томчилари гоҳ гул, гоҳ тикан,
Кўзим томчилари гоҳи наводир.
…Бу кўнгил Ватан дер, аммо кўзимда
Елади Широқнинг оқ арғумоғи.
Юрак-ку Ватан дер, аммо бўғзимда
Машрабни маҳв этган дорнинг сиртмоғи.
Бу кўнгил Ватан – дер, аммо ўша он
Кўзимни ёшлатар Қутайба, Боту.
Юрак-ку Ватан дер, аммо уйғонар
Кўзим томчисида босқинлар ўти.
Бу кўнгил Ватан дер, аммо кўксимда
Хоин санчган пичоқ шимиради қон.
Ётурман сарғайган ўтлар устида.
Чериклар ўтади жанггоҳлар томон.
Анғизлар шивирлар қулоғимга жим:
“Турақол, турақол, кутмоқда Ватан”.
Бу кўнгил Ватан дер ва она қуёш
Нурини шимириб мен тириламан.
Ва бағрим туяди озод, бепоён,
Улуғ Ватанимнинг муҳаббатини.
Уйғонган томирда куйлай бошлар қон,
Куйлайди Ватанга садоқатини.
Боқурман теграмда яшнайди ўлкам,
Боқурман теграмда куйлайди баҳор.
Ва қуёш кезади самода улкан,
Унинг қўшиғида олий тилак бор.
Бу қуёш бор экан тирикдирман мен,
Бу кўнгил энтикиб яна Ватан дер.
Қалбимнинг энг чуқур ерида ётган
Энг қутлуғ, ягона сўзим Ватандир.
Vatan haqida she’rlar
ЖОНИМ ИЧРА ЖОНИМДУРСАН
Бу дунёда жаннатмонанд ерлар бисёр,
Бу дунёда оқу қаро эллар бисёр,
Аммо йўқдир бу дунёда сендек диёр,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.
Тупроғингда аждодларим изи қолган,
Боболарим терларининг тузи қолган,
Ҳар гардида момоларим кўзи қолган
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.
Ўзбек элим, нури дийдам, қароғимсан,
Ўзбек элим, осмониму тупроғимсан,
Ҳам қувончим, ҳам бахтиму фироғимсан,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.
Бешигингда аллаладинг дунёларни,
Дунё очган неча–неча даҳоларни,
Болам дединг юраклари адоларни,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.
Соҳибқирон қўлларида қалқон бўлдинг,
Улуғбекнинг нигоҳида осмон бўлдинг,
Мирзо Бобур юрагида армон бўлдинг,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.
Қўли қадоқ деҳқон элим, султон элим,
Кўкси юртга доим балогардон элим,
Ўз юртига соҳибқирон ҳоқон элим,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.
ВАТАН ДЕВОРЛАРИ
Бу деворлар – бизнинг елкамиз,
Бу деворлар – оёқларимиз.
Елкамизда она ўлкамиз –
Кую баёт, қир, боғларимиз.
Сўзимиздир – деворда ҳар тош,
Кўзимиздир – тошдаги бўёқ.
Изимиздир – юртдаги ҳар бир
Қалъа, қаср, мадраса, чортоқ.
Миноралар – қаддимиз бизнинг,
Сардобалар – бизнинг кўз ёшлар.
Битик тошдир ҳар бири, ўқинг,
Пойдеворга тахланган тошлар.
Бўлмаганда гар Шохизинда,
Ё Хиванинг Калта минори –
Юрак деган қутлуғ заминда
Юксалмасди Ғурур чинори.
Бўлмаганда Гўри Амирнинг
Тошларига битилган кўклам –
Ҳайратланиб қошида сирнинг,
Виқор билан тўлмасди кўкрак.
Юрмас эдик бунчалар тетик,
Бўлмас эди танда руҳ обод.
Бор бўларди юракда кемтик –
Бўлмаганда оддий Руҳобод.
Имом Бухори-ю Шоҳи Нақшбанд
Имом Термизи-ю, Нажмиддин Кубро —
Боболарнинг равшан имони
Юракларга беради оро.
Биз уларни билмасак агар
Порламасди бунча кўзимиз.
Осмонларни титратмас эди
Шеър айтганда сас, овозимиз.
Она деймиз Ватанни!
Ватан –
Шу Регистон, шу Ичанқалъа.
Болаликдан улар бизларнинг
Бошимизда айтмишлар алла.
Ватандир – ер остидан бирдан,
Қадим қўшиқ парчаси каби,
Селлар ўтиб, кўзга ташланган
Битик тошлар – боболар қалби.
Қалъаларнинг кўксига ботган
Ўқлар изи – ярасига боқ!
Улар – дилда оғриқ уйғотган
Бужур яра, изтироб, ингроқ.
Уларни сен ўйилган кўз деб
Ўйламагин – кўради улар.
Улар яшар дунёда биз деб,
Қадамимиз тузатиб турар.
Улар қадди букилса агар,
Елкамизни тутайлик дарров.
Қулаётган минор олдидан
Бефарқ ўтган ажнабиймас, ёв!
Зилзилани кутган асбобдек
Сергак бўлсин доимо юрак.
Алдамасин худди саробдек
Алдоқчи ҳис, ўткинчи эрмак.
Елкаларни тутайлик, токи
Қудрат билан тўлсин елкамиз.
Елкамизда кўзимиз оқу
Қораси – юрт, она ўлкамиз.
Елкаларни тутинг… Деворлар
Чўкиб борар – Вақт қилмас шафқат.
Қулаганда… Қулайди улар
Болаларнинг устига фақат.
1981
Eng aziz va eng buyuk bayram – xalqimiz asrlar davomida orziqib, intilib kutgan, hayotimizning ma’no-mazmuni, ongu shuurimizni tubdan o‘zgartirgan Mustaqillik kunining yigirma yetti yilligi munosabati bilan samimiy muborakbod etamiz![img]http://www.savol-javob.com/dаta:image/gif;base64,R0lGODlhAQABAIAAAAAAAP//yH5BAEAAAAALAAAAAABAAEAAAIBRAA7[/img]
Xurshid DAVRON
VATAN HAQIDA SHE’RLAR

