Исматулла Раҳматуллаев, Раҳматуллазода (1883, Самарқанд вилояти Ражабамин қишлоғи — 1962) — жадид маърифатпарвари, педагог. Абдуқодир Шукурийнинг «усули савтия» мактабида (1901—05) ўқиб, сўнг шу мактабда ўқитувчилик қилган (1906—12), айни пайтда рустузем мактабида ҳам таҳсил олган (1903—06).
«Дорул адаб» мактабини ташкил этган (1913—17). Тожик тилида «Таълими алифбе» дарслигини нашр этган (1915). 1917—19 йилларда Самарқандда 35 та янги мактабнинг очилишида иштирок этган.
Самарқанддаги Ўзбек маориф билим юрти (1922—25) ва Ўзбекистон давлат китоб палатасининг 1-директори (1926—29), Беҳбудий номидаги кутубхона мудири (1930—37). «Нашри маориф» ва «Анжумани маориф» жамиятларининг ҳайъат аъзоси (1917—21).
«Миллий иттиҳод» ташкилоти аъзолари билан ҳамкорликда айбланиб, икки марта қатағон этилган (1937-43, 1949-54). Ҳамид Олимжон, Фотиҳ Ниёзий, Музайяна Алавия, Раззоқ Ҳамроев, Толибжон Содиқов, Вохид Абдуллаев сингари фан ва маданият арбоблари Исматулла Раҳматуллаев раҳбарлик қилган билим юртида таълим олганлар.